(Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳоли ажойиб услуб ила васф этилмоқда. Ўзлари чанқоқ одамга, амаллари эса, саҳродаги саробга ўхшатилмоқда. Мунофиқлар ҳам бу дунёда ўзларича, у қилдим-бу қилдим, деб амалларини санаб, «яхши-яхши» умидлар билан охират томон кетаверадилар. Қиёмат қоим бўлиб, «манзил»га етганларида эса, ҳеч нарса топмайдилар. Қилган амалимизнинг савобини топамиз, деб борган жойларида Аллоҳни топадилар ва Аллоҳ уларни бекаму кўст ҳисоб-китоб қилади.)
(Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳолати ажойиб услуб ила васф қилинмоқда. Яъни, денгизни катта тўлқин қоплаб олгандир. Бу тўлқин эса, зулмат устига зулматдир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша қоп-қора тўлқиннинг устидан қоп-қора булут қоплаб турибди. Бу зулматлар остида кофир ва мунофиқ қандай қилиб Аллоҳнинг нурини кўрсин. У ўз қўлини кўра олмагандан кейин, Аллоҳнинг нурини кўра олмаслиги турган гап.)