(Қаттиқ азобдан ҳолига вой бўладиган кофирларнинг шундай ҳолатга тушишининг сабаблари ушбу оятда келтирилади. Улар дунёни охиратдан устун қўйганлари учун иймон йўлига юра олмайдилар. Фақат бу дунёни кўзлаган одам беш кунлик ҳаётида кўпроқ матоҳга эришиш учун ўлиб-тирилади. Ҳаром-ҳаришга қўл уради. Одамларнинг ҳаққини ейди. Одамларга зулм, хиёнат қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо алайҳиссалоту вассалом: «Дунёнинг муҳаббати ҳар бир хатонинг бошидир», деганлар.)
(Бутун оламларга ва барча қавмларга пайғамбар бўлган Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга ҳам араблар тилида ваҳий келди. Бунинг асосий ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бошқа пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар пайғамбар қилиб юборилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом Ислом дини араблар яшаб турган ерларга ёйилиб бўлиши билан вафот топдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у кишининг қавмлари етказдилар.)