(Шундан сўнг ҳаммалари Яъқуб алайҳиссалом бошчиликларида юртлари Канъондан Мисрга қараб йўлга тушдилар. Қуръони Карим уларнинг сафарлари ҳақида ҳеч нарса демайди. Балки сўзни улар Юсуф алайҳиссалом ҳузурларига киришлари саҳнасидан улаб кетади.)
(Бу ояти каримада узоқ айрилиқдан сўнг дийдор топишиб, сўрашиб бўлганларидан кейинги ҳолатларнинг тасвири келтирилмоқда. Бу ҳол қандай бўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо қадимги тафсирчиларимиз бу ҳақда турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, салом маъносида бошларини бир оз эгдилар, дейдилар. Бошқалари, берилган бу неъмат учун Аллоҳга шукр саждаси қилдилар, дейдилар. Яна бирлари, ўша вақтда катталарнинг оёғига йиқилиб сажда қилиш бор эди, лекин Ислом шариатида бекор қилинган, деган фикрни айтганлар.)
(Ушбу оятда Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолога неъматларини бергани учун шукрлар айтиш билан бирга охиратнинг неъматини ҳам беришини сўрамоқдалар.)
(Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом қавмларига яхшиликни раво кўрганларидан, иймонга келишларини жуда қаттиқ истар эдилар. Шунга ҳаракат ҳам қилар эдилар. Аммо Аллоҳ таоло бу уриниш уларнинг иймонга келишларига сабаб бўла олмаслигини билдирмоқда.)