(Фиръавнлар ва уларнинг гумашталари-сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келганлар. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида, ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақ келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади. Аллоҳ таолонинг амри ила Мусо алайҳиссалом қўлларидаги асони ерга ташладилар. У сеҳргарларнинг ҳунарини ютиб юборди.)
(Фиръавн ўз қаричи билан ўлчар эди. У таҳдид, азоб-уқубат, қийнаш, чопиш-кесиш, ўлдириш билан одамларни измимда ушлаб тураман, деб хаёл қиларди. Аммо инсоннинг қалбига ҳақиқий иймон кирганида, унинг бу чоралари заррача ҳам таъсир қилмай қолишини англамасди. Унинг собиқ сеҳргарлари қалбига ана шундай иймон жо бўлган эди. Энди улар Фиръавннинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан қўрқмасдилар.)