(Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга буюк раҳмат назари билан боқди. Фарзанд берибгина қолмай, унга Ўзи Яҳё, деб исм ҳам қўйди. Буларнинг бари дунёга келаётган фарзандининг келажаги жуда қутлуғлигидан дарак берар эди.)
(Соғлом ҳолда тилдан қолган Закариё алайҳиссалом меҳробда ибодат, тасбиҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлдилар. Меҳробдан чиқиб қавмларига, эртаю кеч Аллоҳга тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилдилар. Бу билан қавмларини бирга ибодат қилишга, берилган улуғ неъмат шукронасини адо этишга чорладилар. Шу нуқтада Закариё алайҳиссаломга тегишли тарих хотима топади. Яҳё алайҳиссаломнинг таваллудлари, ҳаётларига тааллуқли бошқа тарихлар баён этилмай, бир йўла ул зотга китоб нозил этилиш қиссаси зикр этилади.)