Улар учун мағфират сўрайсизми, сўрамайсизми, (фарқи йўқ). Етмиш марталаб улар учун мағфират сўрасангиз ҳам Аллоҳ уларни ҳаргиз мағфират қилмас. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига куфр келтирганларидир. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас.
Энди агар Аллоҳ сизни улардан бир тоифасига қайтарса ва улар сиздан (жиҳодга) чиқиш учун изн сўрасалар, айтингки: «Мен билан ҳаргиз чиқмайсизлар ва мен билан бирга бирор душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар. Чунки сизлар аввал-бошда чиқмай ўтиришга рози бўлдингиз, бас, энди қолгувчи кимсалар билан бирга ўтираверинглар».
Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг жанозасини ўқиманг ва қабри устида турманг! Улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига кофир бўлдилар ва фосиқ ҳолларида ўлдилар.
Сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Аллоҳ уларни ўша нарсалар сабабли бу дунёда азоб-уқубатга солишни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини истайди, холос.
«Аллоҳга иймон келтирингиз ва Унинг Пайғамбари билан бирга жиҳод қилингиз», деган бирон сура нозил қилинган пайтда улардан бой-бадавлатлари сиздан изн сўраб: «Бизни тек қўй, анави қолгувчилар билан бирга бўлайлик», дейдилар.