Биз жин ва инсдан кўпларини аниқ жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, балки, улардан-да адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғофиллардир.
Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Унга ўша (исм)лар ила дуо қилингиз ва Унинг исмлари борасида ҳақдан оғадиганларни тарк айлангиз. Улар яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар.
Осмонлару ер мулки ҳақида, Аллоҳ яратган ҳар бир нарса тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида ўйламайдиларми?! Ундан кейин яна қандай гапга ишонадилар-а?!
Сиздан: «Қиёмат қачон бўлади?» - деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У осмонлару ер учун жуда оғир бир ишдир. У сизларга тўсатдан келур». Гўё сиз у ҳақда билишга қизиқаётгандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар».