Сизлардан ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг хотинлари уларнинг оналари эмас. Уларнинг оналари уларни туққан аёлдан бошқаси эмас. Аниқки, улар номақбул ва ёлғон гапни айтяптилар. Албатта, Аллоҳ Афв этгувчи ва Мағфират қилгувчи Зотдир.
Ўз хотинларини зиҳор қилиб, кейин айтган гапларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Шу ишдан насиҳатланасизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир.
Бас, ким топмаса, қўшилишларидан илгари пайдар-пай икки ой рўза тутсин. Ким қодир бўлмаса, бас, олтмишта мискинга таом берсин. Бу ишлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учундир. Аллоҳнинг ҳадлари мана шулар. Кофирлар учун аламли азоб бордир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Расулига қарши чиқадиганлар ўзларидан олдингилар хор бўлгани каби хор бўлурлар. Биз очиқ оятларни нозил қилиб қўйдик. Кофирлар учун хор қилгувчи азоб бордир.
Аллоҳ ҳаммаларини қайта тирилтирган кунда уларга қилган ишлари ҳақида хабар берур. Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Улар эса унутиб юборганлар. Аллоҳ ҳар бир нарсага Гувоҳдир.