Аллоҳ шундай Зотки, осмонларни устунсиз кўтариб қўйди. Сизлар уни кўриб турасизлар. Кейин Аршга кўтарилди. Қуёш ва ойни бўйсундирди. Ҳаммаси белгиланган муддатгача юради. У Зот ишнинг тадбирини қилади ва оятларни муфассал (баён) этади. Шоядки, Парвардигорингиз билан бўладиган учрашувга аниқ ишонсангизлар.
У шундай Зотки, ерни ёйди. Унга тоғлар ва анҳорларни жойлаштирди. Ҳар бир мевани жуфт-жуфт қилди. Кечани кундузга қоплайди. Бу ишларда фикр юритадиган қавм учун оят-аломатлар бор.
Заминда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак ерлар бор. Узумзор боғлар, экинзорлар, шохлаган-шохламаган хурмолар бор. Ҳаммаси бир хил сув билан суғорилади. Таъмда уларнинг бирини иккинчисидан афзал қиламиз. Бу ишларда ақл юритадиган қавм учун оят-аломатлар бор.
Ажабланадиган бўлсангиз, уларнинг: «Тупроқ бўлиб кетганимиздан кейин яна янгитдан яратиламизми?» - деган гапларидан ажабланинг. Улар Парвардигорларига куфр келтирган кимсалардир. Уларнинг бўйинларида кишанлар бўлгай. Улар дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолурлар.