Элчиларимизни ёрқин ҳужжатлар ва аниқ далиллар билан юбордик. Улар билан бирга китобни ва мезонни ҳам нозил қилдик. Токи одамлар адолат билан турсинлар. Темирни ҳам туширдик. Унда катта куч бор. Ундан қуроллар ясалади ва темир саноатида одамлар учун кўп фойдалар бор. Аллоҳ Ўзига ғоибона ёрдам берган одамни билиш учун шу ишларни қилди. Аллоҳ қудратлидир ва азиздирки, ҳеч ким ундан ғолиб бўла олмас. Унинг қўлидан келмайдиган бирон иш йўқ.
Нуҳ ва Ироҳим алайҳиссаломларни ҳам юбордик. Пайғамбарлик ва Китобни уларнинг зурриётида қилдик. Зурриётлари орасида тўғри йўлга ҳидоят топганлари ҳам бўлди. Кўплари эса Аллоҳга итоатсиз кимсалар бўлдилар.
Кейин пайғамбарлар ортидан пайғамбарлар юбордик. Уларнинг ортидан Ийсо ибн Марямни юбориб, унга Инжилни бердик. Унга иймон келтириб, ортидан эргашганларнинг қалбларига меҳр ва марҳаматни солдик. Шу билан улар ўзаро меҳрибон, яқин дўст бўлиб қолдилар. Динда ғулув кетишни ўзлари чиқариб олиб, никоҳ ва лаззатланиш каби айрим Аллоҳ ҳалол қилган ишларни ҳам тарк этдилар. Бу ишларни Биз улардан талаб қилмаганмиз. Улар ўзларига ўзлари юклаб олиб, динда бидъат чиқарганлар. Биз улардан Аллоҳнинг ризосига эргашишни талаб қилганмиз, холос. Лекин улар шундай қилмадилар. Бас, улардан иймон келтирган зотларга савобларини бердик. Аммо уларнинг кўплари Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган рисолатни ёлғонга чиқариб, Аллоҳга итоатсизлик қиладиган фосиқларга айландилар.
Эй Аллоҳга иймон келтирган ва шариатига амал қилган зотлар, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар. У Зотнинг Пайғамбарига иймон келтиринглар. Шунда Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам, олдин ўтган пайғамбарларга ҳам иймон келтирганингиз учун сизларнинг ажру савобларингизни икки ҳисса қилиб беради. Яна сизларга бир нур ҳам ато этади. У шу дунёдаги ҳаётингизда ҳам, Қиёмат куни кўприкдан ўтаётганингизда ҳам йўлингизни ёритиб туради. Аллоҳ гуноҳларингизни мағфират қилиб, сизларни жазога тортмайди. Аллоҳ бандалари учун Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.