Оғриқ ва тангликдан сўнг сизларга хотиржамлик ва ишончни нозил қилди. Аллоҳнинг ваъдасига аниқ ишонадиган тоифани ором уйқуси босди ва шу билан қалбларига тинчлик-хотиржамлик инди. Бошқа бир тоифа - мунофиқлар эса бу неъматдан бебаҳра қолиб, ухлай олмадилар. Уларнинг ўз жонларидан бошқа ғам-ташвиши йўқ эди. Шунинг учун хавфу изтиробда эдилар. Аллоҳ ҳақида бадгумон бўлиб, пайғамбарига мадад бермади, бандаларини қўлламади, деган ўйга бордилар. Бу ўйлари Аллоҳнинг қадрини билмайдиган, У Зотга чин баҳони бера олмайдиган жоҳилият гумонининг айни ўзи эди. Мунофиқлар Аллоҳни танимаганлари туфайли: "Урушга чиқиш борасида бизнинг фикримиз олинмади, олинганида чиқмаган бўлар эдик", дейишади. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга шундай жавоб беринг: "Ишнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Қўлидадир. У Ўзи истаганича тақдир қилади, хоҳлаганича ҳукм қилади. Чиқишингизни тақдир қилган ҳам Ўша Зотдир". Улар дилларидаги шак-шубҳа ва бадгумонликни сизга ошкор этмайдилар. Шунинг учун: "Фикримиз олинганида бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик", дейишади. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларга шундай раддия билдиринг: "Жанг ва ўлим жойларидан узоқдаги уйларингизда бўлсангизлар ҳам пешонасига ўлим битилганлар ўладиган жойларига албатта келган бўлардилар". Аллоҳ қалбларингиздаги ниятларингизни, мақсадларингизни текшириш ва улардаги иймонни мунофиқликдан ажратиб олиш учун сизларга шу тақдирни битди. Аллоҳ бандаларининг қалбларидаги ниятларидан ҳам хабардордирки, ҳеч нарса У Зотдан яширин бўлолмас.
Эй Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобалари, Уҳуд жангида мушриклар билан мусулмонлар тўқнашганида сизлардан чекинганларингиз ҳам бўлди. Уларни қилган гуноҳлари туфайли шайтон йўлдан оздирганди. Аллоҳ Ўз фазлу марҳамати ила уларни кечирди ва жазоламади. Аллоҳ тавба қилувчиларни кечирадиган, жазони тезлаштирмайдиган Ҳалим Зотдир.
Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашган мўминлар, мунофиқ кофирларга ўхшамангиз! Улар тирикчилик учун сафар қилган ёки ғазотга чиқиб кетган яқинлари ҳақида: "Сафар қилмасдан, ғазотга чиқмасдан, биз билан қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлардилар", дейишади. Аллоҳ уларнинг қалбларидаги ҳасрату надоматни зиёда қилиш учун дилларига шундай эътиқодни солиб қўйди. Аслида эса тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир. Аллоҳ Ўзи истаган ишни қилади. Унинг қадарини уйда ўтириш тўхтатиб қололмайди, сафар ё ғазотга чиқиш эса тезлаштиролмайди. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб-билиб турибди. Ундан ҳеч бир иш яширин эмас. Яқинда амалларингизга яраша жазо ёки мукофотингизни беради.
Эй мўминлар, Аллоҳ йўлида ўлдирилсангизлар ёки ўлсангизлар, Аллоҳ сизларга Ўзи тарафидан буюк мағфират, раҳмат ато этади ва бу нарса дунёю унинг аҳли тўплаган барча ўткинчи бойликлардан яхшироқдир.
التفاسير:
من فوائد الآيات في هذه الصفحة:
• الجهل بالله تعالى وصفاته يُورث سوء الاعتقاد وفساد الأعمال.
Аллоҳни танимаслик ва Унинг сифатларидан бехабарлик эътиқоднинг қулаши ва амалларнинг бузилишига олиб боради.