Эй Пайғамбар, анави мунофиқларга айтинг: "Зоҳирда ҳам, ботинда ҳам Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат этинглар. Итоат этишдан бош тортсангизлар, билиб қўйингларки, Пайғамбарнинг зиммасида етказиб қўйиш мажбурияти, сизларнинг зиммангизда эса итоат этиш, у зот олиб келган шариатга амал қилиш мажбурияти бор. Пайғамбарга у олиб келган буйруқларни бажариш ва тақиқлардан тийилиш ила итоат этсангизлар, ҳақ сари ҳидоят топасизлар. Пайғамбарнинг зиммасида очиқ қилиб етказиб қўйишдан бошқа вазифа йўқ. Сизларни мажбурлаб ҳидоятга солиб қўйиш унинг вазифасига кирмайди".
Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга ваъда қилдики, албатта уларни душманлари устидан музаффар этиб, худди улардан олдингиларни халифа қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилгай ва улар учун Ўзи рози бўлиб берган Ислом динини мустаҳкам, азиз айлагай ҳамда уларнинг хавфу хатардан кейинги аҳволини тинчлик-омонликка айлантириб бергай. Менга ҳеч нарсани шерик қилмасдан, Менга ибодат қиладилар. Шунча неъматлардан кейин ким куфр келтирса, ана ўшалар Аллоҳга итоат этишдан бўйин товлаган фосиқлардир.
Эй Аллоҳга иймон келтирган ва Унинг шариатига амал қиладиган мўминлар! Сизлардан қўл остингиздаги қул ва чўриларингиз ҳам, балоғатга етмаган ҳур гўдаклар ҳам уч ўринда, бомдод намозидан олдин, пешиндаги кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин изн сўрасинлар. Бу пайтларда то изн бермагунингизча сизларнинг олдингизга кирмасинлар. Бу уч вақт сизлар учун авратлардир. Бошқа вақтларда эса рухсатсиз кирсангизлар бўлаверади. Сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ бўлмайди. Улар сизларникига, сизлар уларникига, бир-бирингизникига борди-келди қилиб тургувчиларсиз. Шунинг учун ҳар доим изн сўрайвериш оғирлик қилади. Аллоҳ сизларга оятларни мана шундай баён қилади. Аллоҳ бандаларига нима фойдали эканини билгувчи ва ҳар бир шариатини ҳикмат билан қилгувчи Зотдир.