И з о ҳ. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, Нуҳ пайғамбарнинг қавмлари орасидаги кофир кимсалар Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом замонларидаги ва ундан кейинги даврлардаги кофирларга ўхшаб Аллоҳнинг динидан юз ўгириб, терс қараб кетмайдилар, балки улар худди ёш болаларга ўхшаб бармоқларини қулоқларига тиқиб, юзу кўзларини рўмоллар билан ўраб олишиб, Ҳақ йўлидан қайсарлик билан бош тортадилар. Бунга сабаб, Қуръони Карим бизларга ушбу сурада неча ўнг минг йиллар илгари ўтган, иккинчи Одам Ато ҳисобланмиш Нуҳ алайҳиссалом замонларидан, яъни башариятнинг айни гўдаклик палласидан ҳикоя қилмоқда. Қуръоннинг бу ажиб услуби, яъни, ҳар бир давр ҳақида айни ўша даврнинг руҳи — тили билан сўзлаши — тасвирлаши ҳам унинг илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир далолатдир. Зеро, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломдек хат-саводи бўлмаган бир киши ўзининг инсоний онг — шуури билан узоқ ўтмиш қаърига сингиб кетган қавм-қабилаларнинг ҳар бирини «ўз тили» билан сўзлата олиши мумкин бўлмаган бир ишдирки, бунга фақат барча замонларда ҳаёт ва барча нарсадан огоҳ бўлган азалий ва абадий Зот — Аллоҳ таологина қодирдир.
И з о ҳ. Ушбу ва қуйидаги оятларда нима сабабдан бандалар Аллоҳ таолога ибодат қилишлари зарур эканлигига далиллар келтирилгандир. Аллоҳ таоло инсонларнинг диққат-эътиборларини аввало ўзларининг қандай яратилганларига қаратади. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон она қорнида даставвал бир томчи сув бўлиб, сўнгра қуюқ қонга айланиб, кейин бир парча гўшт бўлиб, сўнгра унга жон ато этилиб ёруғ дунёга келиши ҳақида ўйлаган ҳар бир соғлом ақл ва тоза дил эгаси беихтиёр Яратганнинг қудратига-улуғлигига тасаннолар айтиб, У зотга сажда қилмай тура олмас. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таолонинг қудрати нақадар чексиз-чегарасиз эканлигига очиқ далолат қилиб турган самовот ва ундаги сайёралар ҳақида сўз юритилади.
И з о ҳ. Бу оятда зикр қилинган бешта ном Нуҳ пайғамбар замонларидаги кофирлар сиғинадиган бут санамларнинг номидир. Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватларига қулоқ солмай ўша бутларга сиғинганликлари учун ҳам тўфон балосига гирифтор қилиниб, ҳалок бўлганлар.