44. Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. Аллоҳга бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар. Улар бу китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир.
45. Унда (яъни, Тавротда) яҳудийларга жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва (яна бошқа барча) жароҳатларга ҳам қасос олинади, деб ёзиб қўйдик. Энди ким уни (яъни, қасосни) кечиб юборса, ўзи учун каффорат (яъни, гуноҳларни ўчириб юборувчи) бўлур. Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир.