18. Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи — ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир.
19. Албатта, Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (Ислом ва Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига кофир бўлса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
20. Агар Сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: «Мен ва менга тобеъ бўлган кишилар ўзимизни Аллоҳга топширдик — Унга бўйсундик», деб айтинг! Сўнг аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) омий-бутпарастлардан: «Исломга кирдингизми?», деб сўранг! Агар Исломга кирсалар, муҳаққақ Тўғри Йўлни топибдилар. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангиздаги нарса фақатгина етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.