120. Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бўлмайди.
121. Биз китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар орасида уни тўғри тиловат қиладиган кишилар ҳам бордирки, ана ўшалар (Қуръонга) иймон келтирурлар. Ва кимда-ким унга (Қуръонга) кофир бўлса, ўшалар зиён кўргувчилардир.
123. Ва биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган ва ҳеч кимдан эваз қабул қилинмайдиган, оқлов фойда бермайдиган ва ҳеч кимга ёрдам ҳам берилмайдиган кундан қўрқинг!
124. Эсланг: Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таоло): «Албатта Мен сени одамларга имом қилгувчидирман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?», деб сўради у. (Аллоҳ таоло) айтди: «Менинг бу аҳдим (сенинг зурриётинг орасидаги) золим кимсаларга етмайди».
125. Эсланг: «Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша Ерда ибодат қилиб турувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун пок тутинг», деб буюрдик.
126. Эсланг: Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳлларидан Аллоҳга ва Охират кунига ишонувчиларини турли мевалар билан ризқлантиргин», деганида, Аллоҳ таоло: «Кофирларини ҳам бир оз фойдалантириб, сўнгра дўзах азобига дучор қиламанки, бу энг ёмон оқибатдир», деди.