(Бурунги пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги пайғамбар келгунча бўлган даврга пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга пайғамбар бўлиб келдилар. У кишининг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга бутун инсониятга қарата, мен барчангизга пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.)