И з о ҳ. Бу ҳукм бўйдоқ ёки тул ва бева (яъни оиласиз) зинокорларнинг жазосидир. Агар оилали эркак ва хотинлар зинокорлик қилсалар, уларнинг жазолари тошбўрон қилиб ўлдирилмоқдир.
И з о ҳ. Маълумки жамият интизомини издан чиқарадиган нарсалардан бири турли миш-мишлар тарқатишдир. Шунинг учун, Ислом динида бировлар ортидан миш-миш тарқатиш, бировни бузуқликда айблаб, тош отиш фосиқлик деб аталиб, қаттиқ қораланади ва бундай кимсаларга мазкур оятдаги жазо берилади ҳамда уларни гувоҳликлари ўтмайдиган ёлғончилар деб эълон қилинади. Шу ўринда бир савол туғилиши табиий: Бир одам ёлғиз ўзи ёки тўртта эмас, масалан учта гувоҳ билан бирга бировнинг зино қилаётгани устидан чиқиб қолса ва бу воқеа — жиноятдан ўзгаларни огоҳ қилиб қўйса, бунинг нимаси ёмон, нега у жазоланиши керак? Муфассирлар бу саволга шундай жавоб берадилар: Биринчидан, у ўзи гувоҳ бўлган нопок манзарани кўтариб келиб бир тоза мажлисни ҳам ифлос қилмаслиги яхшироқдир. Иккинчидан, агар ўша зинокор эркак ё аёл жиноятларини очилмай қолгани сабабли бандалар берадиган жазодан қутулиб қолсалар ҳам, ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ҳар ерда ҳозиру нозир бўлган Яратган берадиган жазодан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар.
И з о ҳ. Биронта гувоҳсиз ўз хотинини бузуққа чиқарган эр бу даъвосининг рост эканлигига Аллоҳ номига тўрт марта қасам ичиши гўё унинг учун тўртта гувоҳнинг ўрнига ўтади ва бешинчисида, агар хотинига туҳмат қилган бўлса, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлишни айтади. Мана шу қасамлари билан у саксон даррадан қутулади ва навбат бадном қилинган хотинга келади. Энди у зино жазосига дучор бўлмаслиги учун қуйидаги икки оятда қилинган қасамни ичиши лозим, акс ҳолда зинокор деб топилиб жазоланади.