(Дарғазаб бўлган укадан бу тасарруфни кўрган Ҳорун алайҳиссалом уни бир оз ҳовридан тушириш учун ораларидаги ака-укалик ҳурматини эслатиб: «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди», дедилар.)
(Ҳоруннинг гапидан кейин бир оз ўзига келиб, Аллоҳдан мағфират сўраб, унинг раҳматидан умидворликларини билдирганларидан сўнг, Мусо алайҳиссаломнинг ғазаблари босилди. Шунда ерга қўйган лавҳларни қўлларига олдилар. Бу лавҳларда Аллоҳ таолодан ҳақиқатда қўрқадиган одамлар учун катта ҳидоят ва улкан раҳматлар борлиги ёзилган эди.)
(Бани Исроил тилладан ясалган бузоқ ҳайкалига ибодат қилиб, улкан гуноҳ содир этганлари, кейин афсус билан тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга улардан етмиш кишини Ўз мийқотига олиб келишни амр қилган эди. Мусо алайҳиссалом Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан, бузоққа ибодат қилмаган етмиш кишини танлаб, Аллоҳнинг мийқотига олиб бордилар. Улар эса Мусо алайҳиссаломга, бизга Худонинг Ўзини кўрсат, деб туриб олдилар. Ҳаттоки улар орасидан танлаб олинганларнинг қилмиши шу бўлди. Бундай шаккоклик содир этганларидан сўнг, уларни даҳшатли зилзила тутиб, ўзларидан кетдилар.)