(Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Аллоҳ таолога иймон келтирган ва бу иймони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий иймонлари тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Аллоҳ таоло уларни Ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган эди. Ер юзида ҳукми юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди ўшалар каби Ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт — иймон келтириб, амали солиҳ қилишдир. Ислом уммати қачон ушбу шартни бажарганида, Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан.)
(Ушбу ояти каримада зикри келаган шахслар уч вақтда, албатта изн сўрашлари керак: «... бомдод намозидан олдин...» Чунки бу вақтда одам ҳали ўрнида ётган бўлади. «... пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда...» Қуръон нозил бўлган иссиқ ўлкаларда пешин вақтида ечиниб, салқинлаб, дам олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. «... хуфтон намозидан сўнг». Бу вақтда ҳам кишилар ечиниб, дам олаётган бўлади. «(Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир». Яъни, авратлар очиладиган вақтдир. Шунинг учун қул ва чўрилар ҳам, балоғатга етмаган ёш болалар ҳам изн сўраб кирсинлар. Одатда хизматчилар ва ёш болаларнинг кириб чиқишлари кўп бўлади. Шунинг учун мазкур аврат вақтларидан бошқасида изн сўрамай киришларига рухсат берилди.)