(Яъни, муҳими сизлар жанг қилаверинглар, бу ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ сизларни қудратига парда қила туриб, қўлларингиз билан мушрикларни азоблайди, хорлайди. Мўминларга нусрат, мушрикларга мағлубият бериш билан аввалда мушриклар озорлаган мўминларнинг кўнгилларини даволайди. Исломга ёрдам бериб, уни куфрдан устун қилиш билан мўминларнинг қалбида йиғилиб қолган аччиқларни кетказади.)
(Даъват қилиб динга қизиқтирилганда, одамлар кўпчиликка қўшилаверадилар. Турли фикр, мақсад ва ғараз билан ўзини мусулмон кўрсатишга ҳамма уринаверади. Баъзилар сиртдан ўзини мусулмон кўрсатиб, ичдан Аллоҳдан бошқани дўст тутган бўлиши мумкин. Мўминлардан бошқани дўст тутган бўлиши мумкин. Бундай кишиларнинг ҳақиқий башараларини очиш учун сохтакорлар чидай олмайдиган қийинроқ иш таклиф қилинади. Жиҳод ана ўша ишлардан биридир. Жиҳодда ҳақиқий мўмин-мусулмонлар бошқалардан ажралиб чиқиб қоладилар.)
(Макка мушриклари Масжидул Ҳаромнинг ва ҳажнинг хизматларини тақсимлаб олишган эди, айниқса, ҳожиларга сув бериш алоҳида мартаба ҳисобланарди. Бу ишлардан мушриклар доимо фахрланиб юришар эди. Ҳатто кишилар орасида бу ҳақда тортишувлар ҳам бўлиб турарди. Оятда бу ишнинг ҳақиқий баҳоси берилмоқда.)