(Ушбу ояти каримада асли гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар ҳақида сўз кетмоқда. Албатта, чўчқани ҳисобга олмаганда. Аслида, гўшти ҳаром бўлган ҳайвонлар ўз-ўзидан маълум, баҳс улар ҳақида эмас. Гўшт тирик ҳайвондан олинади. Ана ўша тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам бу жараёнга, яъни тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳнинг номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади.)
(Исломда мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлишлиги ҳақида кетмоқда.)