(Ушбу оятдаги «кийимлари»дан мурод катта ёпинчиқ ва ҳамда устдан кийиладиган ридодир. Аёл киши ўта қариб, никоҳдан умуман умидсиз бўлиб қолганда паранжи-чиммат қилмасликка рухсат бор. Лекин, шундай бўлса ҳам, иффатларини сақлаганлари ўзлари учун яхшидир. Аммо воқеликда қари аёлларнинг ўраниб-чирманиб, ёшларнинг очилиб-сочилиб юргани кўрилади. Бу ҳам, яъни ёшларнинг бу ҳолати шариатга бўйинсунмасликнинг бир кўринишидир.)
(Ушбу ояти кариманинг аввалида кўзи ожиз, чўлоқ ва бемор кишиларга нимада гуноҳ бўлмаслиги, танглик йўқлиги ҳақида муфассир уламоларимиз ихтилоф қилишган. Бир гуруҳлари, уларнинг жиҳодга чиқмай қолишларида гуноҳ ва танглик йўқ, дейдилар. Бошқалари, бу ерда эса, сўз жиҳод ҳақида эмас, балки айнан таом емоқ ҳақида кетмоқда, шунинг учун ҳам мазкур жумлани «таом ейишда уларга гуноҳ ва танглик йўқ», деб тушунмоқ керак, дейдилар ва бу фикрларини тасдиқловчи ривоятларни келтирадилар. Иккинчи тоифа муфассирларнинг фикрлари кучлироқдир. «Калитга молик бўлиш» уй эгасининг калитни ишониб топшириб қўйишидир. Ана шундай кишилар инсоф билан, қоринлари тўйгунча есалар, бўлаверади. Ойиша онамиздан Имом аз-Зуҳрий қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом билан жиҳодга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйлари калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, ҳожатингиз тушганда емоқни сизга ҳалол қилдик, деб кетар эканлар. Аммо калитни олиб қолганлар, қуруқ манзират учун айтилган бўлса керак, деб ўзларини тийишаркан. Ушбу оят билан уларга Аллоҳ ҳам изн берган.)