(«Мусо Бани Исроил орасида бир куни хутба қилиб турганида, одамларнинг қайсиниси энг илмли, деб сўралди. У: «Мен», деди. Аллоҳ уни илмни ўзига нисбат бергани учун итоб қилди. У Мусога: «Икки денгиз қўшилган жойда менинг бир бандам бор. У сендан илмлироқ», деди. Мусо: «Эй Роббим, мен уни қандай топаман?» деди. Аллоҳ: «Ўзинг билан бир балиқни саватга солиб ол. Балиқни қаерда йўқотсанг, уни ўша ерда топасан», деди». Шундан кейин Мусо алайҳиссалом йўлга тайёргарлик кўрдилар ва хизматкор йигитларига юқоридаги оятда келган азму қарорни айтдилар. У киши ўзларидан илмлироқ бандани топиш учун икки денгиз жамланган жойга боришга қарор қилган эдилар.)
(Мусо алайҳиссалом хизматкор йигит билан юриб-юриб, икки денгиз қўшиладиган жойга етиб келдилар. Ўша жойда саватда олиб келган балиқларини унутиб қўйдилар. Балиқ эсларига келмади. Яна юриб кетавердилар. Яъни, балиқ денгизни тешиб сузиб кетди. Яъни, балиқ сузиб кетган жой тешик бўлиб сувсиз ҳолга келиб қолди. Уни кўрган одам, бу ердан бир балиқ сузиб ўтибди, деган хулосага келадиган бўлди.)