И з о ҳ. Бадр жангидан сўнг қўлга киритилган ўлжаларни тақсимлашда ёш аскарлар билан кексалари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. Ёшлар: «Ғалаба бизнинг кучимиз билан бўлди, бинобарин, ўлжалар ҳам ўзимизники бўлиши керак», дейишса, кексалар: «Биз сизларга жанг йўл-йўриқларини кўрсатиб турганмиз, демак, бу ўлжаларда бизнинг ҳам улушимиз бор», дейишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом тушган ўлжани ёшу қарига баробар қилиб улашиб бердилар.
И з о ҳ. Мадинада Ислом давлати барпо бўлгач, мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасидаги низо янада авж олди. Мушриклар Маккадаги уй-жойларини ташлаб, муҳожир бўлиб кетган мусулмонларнинг ўз диёрларида қолган мол-мулкларини талон-торож қилишар, мусулмонлар эса ўз навбатида Маккадан тижорат учун чиққан карвонларга ҳужум қилишар эди. Кунларнинг бирида Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга Макка мушриклари катта карвон билан Шомдан қайтаётганлари маълум бўлади ва ўзлари билан бир гуруҳ саҳобаларини олиб, карвонни қўлга киритиш учун йўл оладилар. Бундан хабар топган маккаликлар катта лашкар билан мусулмонларга қарши жанг қилиш учун Мадина тарафга қўшин тортиб кела бошлайдилар. Шунда Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга карвонни қўйиб, мушриклар лашкари билан жанг қилиш амр қилинади. Бу хабарни эшитган айрим мусулмонлар: «Тайёр карвон ўлжа бўлиб турганида, бундай катта қўшинга қарши урушамизми, ўзимиз озчилик бўлсак, бунинг устига тайёргарлигимиз ҳам йўқ-ку!», дейишиб, пайғамбар билан баҳслаша бошлайдилар. Лекин кўпчилик саҳобалар Аллоҳнинг амрига бўйинсунишиб, кофирларга қарши жанг қилишга тайёр эканликларини билдирадилар. Мазкур оятлар ўша тарихий ибратли воқеа ҳақида ҳикоя қилади. Қуйидаги оятларда ҳам бу ҳикоя давом этади.