(Kўлингда берадиган нарсанг бўлмаса, ота-она, қариндош, мискинларга моддий ёрдам бера олмай юз ўгирадиган бўлсанг, Роббингдан келажакда сенга ҳам ризқ-рўз — раҳмат талаб қилган ҳолда уларга ширин сўз айт. «Ўзимда ҳеч вақо йўқ-ку, сенларга нимани берар эдим! каби қўпол сўзларни айтиш яхши эмас. «Кечирасизлар, ҳозир бир оз қўлим қисқароқ бўлиб турувди, Аллоҳнинг раҳматидан умидвормиз, бизга ҳам неъматидан бериб қолса, инша Аллоҳ, сизларга ҳам берамиз», каби ширин сўзлар айтиш керак.)
(Бахил одам кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай, деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда. Ҳар бир нарса тавозин ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади.)
(Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди.)
(Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.)