И з о ҳ. Мазкур оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеани нисбат қиладилар. Тавротда зинокорни тошбўрон қилиш буюрилишига қарамасдан яҳудийлар зино қилувчини дарралаб, юзига қора чаплашни одат қилиб олган эдилар. Мадинада Ислом давлати барпо бўлганидан кейин улар мана шу сохта ҳукмни Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломдан ҳам тасдиқлатиб олмоқчи бўлишиб, мадиналик айрим мунофиқ кимсаларни, бир зинокор яҳудийни қўшиб, у зотнинг ҳузурига юборадилар ва уларга: «Агар Муҳаммад бизнинг одатимизни тасдиқласа — қабул қилинглар, аммо тошбўрон қилишни буюрса — қабул қилмайсизлар», деб тайинлайдилар. Улар келиб, бу масалани сўраганларида Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: «Бу ҳақда Тавротда нима дейилган?», деб сўрайдилар. Улар: «Тавротда ҳам дарралаш буюрилган», деб нотўғри жавоб қиладилар. Шунда Расулуллоҳ яҳудий уламоларидан бирини топтириб, ундан: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман. Тавротда зинокорга қандай жазо буюрилган?», деб сўраганларида у: «Модомики Аллоҳ номи билан сўрар экансиз, ростини айтишга мажбурман — тошбўрон қилишга буюрилган», деб жавоб беради. Бу жавобни эшитгач, Расулуллоҳ зинокор яҳудийни тошбўрон қилишга буюрадилар. Аммо ўзлари уларнинг Тавротдаги Аллоҳ хукмини ўзгартириб юборганларига қаттиқ хафа бўладилар. Шунда Аллоҳ пайғамбарига тасалли бериш учун мазкур оятларни нозил қилди.