(Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб қарз олди-бердини ёзаётган вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси туфайли шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги аниқроқ. Чунки у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож. Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор, уни Роббига тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда. Агар қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги айби, билмаслиги ва бошқа мавжуд айблар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини оладилар. Молиявий олди-берди катта аҳамиятга эгадир, чунки бунда орага молу пул аралашади. Бундай ҳолда биров бошқасининг ҳақини еб кетишининг йўлини ҳар жиҳатдан тўсиш лозим. Бунда адолатли котиб ёздириб қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтиши зарур, бу нарса бошқа жойларда кўп таъкидлангани учун бу ерда қайта айтилмади. Аммо барибир бу шарт бекор бўлмайди. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди.)