(Ниҳоят, Юсуфнинг акалари ўзларининг машъум ниятларига етдилар. Уни қудуқ қаърига ташлаш ҳақидаги қарорларини амалга оширдилар. Қудуқ қаърида қалби хавфга тўлиб, ўлимини кутиб ўтирган ёш Юсуфга ваҳий келди: Яъни, сен хафа бўлма, қўрқма ҳам, вақти-соати келиб, акаларингга ўзингга қилган хиёнатларининг хабарини берасан. Ўшанда вазият шу даражада ўзгарадики, акаларинг сени танимайдилар ҳам.)
(Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди. Аммо Аллоҳнинг Пайғамбари Яъқуб алайҳиссалом гап нимада эканини тушундилар. Юсуфни бўри емагани ҳам у кишига аён бўлди.)
(Юсуфнинг ҳур инсон эканлиги, насли ошкор бўлиб қолса, бошларига нималар келишини яхши билардилар. Шунинг учун тезроқ сотишга ҳаракат қилдилар.)
(Аллоҳнинг тадбири бўлмаса, карвон қаёқдаю қудуқ қаърида ўтирган Юсуф қаёқда? Карвон тўхтамай, ўтиб кетса ҳам бўлаверарди. Аммо тўхтади. Юсуфни кўрди. Уни сотиб, фойда қилишмоқчи ҳам бўлдилар. Беркитиб қўйишмаса, бирорта маҳаллий одам уни кўриб, Мисрга бормай қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳ уларнинг кўнглига беркитиб қўйишни солди. Уни Мисрда сотиб олган кишининг қалбида эса, меҳр-шафқат уйғотди. Мана шундай қилиб, уни энг яхши жойга жойлаштирди. Бу ҳам келажакда бўладиган улуғ ишлар томон бир қадам силжиш эди.)