(Дўстлик топганларида ҳимоямизга ўтишлари мумкин эди. Лекин зинҳор биздан дўстлик топмаслар. Чунки улар бунга муносиб эмаслар. Кофирлар эса, буни ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Қачон ва қаерда сохта худолари уларга ҳомий бўлибди, бирор ёрдам қилибди, яхшилик етказибди?)
(Тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги ушбу жумла маъноси ҳақида бир неча хил фикр билдирганлар. Қадимги тафсирчиларимиз, Ернинг атрофидан қисқартирилиши — куфр ерлари қисқариб Ислом ерлари кенгайиб бориши, деганлар. Мужоҳид ва Икрима розияллоҳу анҳум, ернинг атрофидан қисқариши — хароб бўлиши, дейишган. Ал-Афвий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса, баракасининг қисқариши, дейилган. Аш-Шаъбий, агар Ер қисқарадиган бўлса, унга сиғмай қолар эдинг, лекин жонлар ва мева-чева, ҳосиллар қисқаради, деган. Икрима розияллоҳу анҳу ҳам, агар Ер қисқарганида, ўтиргани жой топа олмай қолар эдинг, қисқариш ўлимдир, деб айтган. Кейинги давр тафсирчилари эса, роҳат-фароғатда яшаган, Ернинг турли атрофларида ғолиб бўлиб, ўзининг сўзини ўтказиб турган давлатлар ва халқлар баҳрамандликдан ҳовлиқиб кетиб, ҳадларидан ошганларида, нуқсонга дучор қилинишлари — қисқартирилишларидир, дейдилар. Ушбу маънолар бир-бирини тўлдириб келади. Ҳар бир тафсирчи олим ўз замонасидаги воқеликдан, ўз тушунчасидан келиб чиқиб маъно айтган бўлади.)