(Бошига мусибат тушса, бало-офат келса, ўшандай кимса ҳам сохта худоларига эмас, Аллоҳ таолога ёлборади. Оғир мусибат вақтида манманлик ва такаббурлик ҳам қолмайди, инсоннинг фитрати соф табиати очилади. Инсоннинг фитратида эса, Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини тан олиш хусусияти бор. Шу боис ҳар қандай инсон у қанчалик кофир, қанчалик мушрик бўлмасин, бошига мусибат тушиб, зарарга юз тутса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига ёлборади. Аллоҳ таоло ундан зарарни олиб, унга яна тинчлик-омонлик ва офиятни берса, у эски ҳолатига қайтади. Аллоҳ берган неъматни, тинчлик-омонлик, офият ва яхшиликларни ўз илмим, хатти-ҳаракатим билан топдим, деб даъво қила бошлайди.)
(Имом «Бухорий Саъд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.)