(Ҳолбуки, ўзлари тўқийдиларми ёки ота-боболарига суяниб гапирадиларми — барибир уларнинг бу даъволарида заррача илмийлик йўқ. Бу даъво жоҳилона айтилган қуруқ гап, холос. Аллоҳ ҳақида билмай туриб гапириш жуда оғир. Айниқса, илмсизларча, жоҳиллик билан, Аллоҳ Ўзига бола тутди, дейиш яна ҳам оғир.)
(Яъни, мушриклар Қуръонга иймон келтирмасалар, уларга афсусланиб, ўзингни ўзинг қийнарсан? Йўқ, бундай қилма. Улар бунга арзимайдилар.)
(Яъни, эй Пайғамбар, ўша каҳф (ғор) эгалари ва ундаги уларнинг исмлари битилган битикни Бизнинг энг ажойиб мўъжизаларимиз деб ўйладингми?)
(Каҳф эгалари йигитлар экан. Улар ғордан паноҳ жой топибдилар. Яъни, бировдан қочиб келиб яширинибдилар. Демак, ишларидан кўнгиллари тўқ эмас. Уларга бу борада ҳам Аллоҳдан ёрдам керак.)
(«Қулоққа парда урди» дегани, қулоғини эшитмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Йигитлар қочиб келиб ғорга жойлашганларида Аллоҳ таоло уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган, яъни ухлатиб қўйган. Яъни, йигитлар ғорда узоқ вақт ҳеч нарсани эшитмай ухлаб ётганлар.)