(Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир.)
(Аллоҳнинг дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар. Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир. Ҳозирда баъзи мусулмон жамиятлар ўша улуғ ютуққа бу дунё ҳаётида эриша олмаётган бўлсалар, бу нарса Аллоҳнинг калималари ўзгарганига эмас, балки иймон ва тақвода камчилик борлигига ёки иймон ва тақвонинг умуман йўқлигига далилдир.)
(Одатда инсон қай ҳолларда фарзанд тутади? Фарзандсизлигим билинмасин; менга ёрдам бўлсин; кўнглимни кўтариб турсин ва ҳоказо ҳожатларни кўзлаб фарзанд тутади. Ажабо, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шу каби ишларга муҳтожми? Унга нисбатан бунақа сифат бериш дурустми? Йўқ, албатта.)