И з о ҳ. Одамлар Каъбани муқаддас деб билганлари учун у ерда урушмас эдилар. Агар Каъбага бирон-бир қотил кириб қолса, то чиқмагунича унга тегмайдилар. Уруш ҳаром қилинган ойларда (Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларида) эса одамлар учун ҳеч қандай уруш хавфи йўқдир. Аллоҳ йўлига ҳадя (қурбонлик) қилинган ёки ҳадялик белгиси осиб қўйилган жониворларга ҳам ҳеч ким тегмас, агар очликдан силлалари қуриб қолса ҳам у жониворларни сўйиб ейишни гуноҳ деб билардилар. Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар кишиларда тўғрилик-ростлик хислатларини тарбиялашга қаратилган.
И з о ҳ. Бани Исроил қавми ўз пайғамбарларидан Аллоҳ уларга буюрмаган нарсаларни сўрар эдилар. Кейин пайғамбар уларга ўша нарсаларни қилишга амр қилганида эса бош тортдилар. Шунинг учун Қуръон мусулмонларга Аллоҳ буюрмаган ишларни сўраб-суриштиравермай, ўзларига буюрилган ибодатларни сидқидилдан адо этаверишни уқтиради.
И з о ҳ. Ислом келишидан илгари арабларда шундай одат бор эди: бешта туққан туянинг қулоғини кесиб, бутларга ҳадя этардилар. Шундан кейин уни соғиш ҳаром деб ҳисобланар эди. Бундай туяни «баҳийра» деб аташарди. Бирон киши бетоб бўлиб қолса: «Соғайиб кетсам, туямни Аллоҳ йўлида ҳайдаб юбораман», деб қасам ичарди. Сўнг соғайгач, туясини кўчага ҳайдаб чиқарар ва ундан ҳеч ким фойдаланмас эди ва уни «соиба» деб аташар эди. Араблар кетма-кет иккита урғочи бўталоқ туққан она туяни ҳам «васийла» деб атаб, бутларга қурбонлик қилар эдилар. «Ҳомий» эса пуштидан ўн бўталоқ бўлган эркак туядир. Арабларнинг одатича, бундай туя ҳам ўз ишини қилиб бўлган деб ҳисобланиб, бўш қўйиб юборилар эди. Мазкур оят бу ишларнинг биронтаси Аллоҳнинг фармони эмаслигини ва хурофот эканлигини уқтиради.