(Хурмо дарахтининг энг яхши нави «лийнатин» деб аталади. Оят тафсирида таъкидланганидек, баъзи хурмо дарахтларини кесиб, баъзиларининг қолдирилиши бузғунчилик учун эмас, балки Аллоҳнинг изни билан бўлди. Ислом шариатида уруш пайтида ҳам ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтириш қатъиян ман қилинади. Бу боқий ҳукмдир. Лекин Бани Назийр ҳодисасида Аллоҳ таоло Ўзи уларни баъзи хурмо дарахтларини кесиб ўт қўйишга изн берган.)
(Бу оятда Аллоҳ таоло қўлга тушган мол-мулк учун мусулмонлар туя миниб, от чоптириб қийналмаганларини, бу нарсаларни Пайғамбарига Аллоҳнинг Ўзи, Ўз қудрати билан берганини эслатмоқда.)
(Аллоҳ таоло яҳудийлар қолдирган молларни «қайтарилган мол» деб номлаяпти. Аслида, мол Аллоҳники, Бани Назийрга берган молини энди Пайғамбарига қайтарди. Аслида ўлжаларни жиҳодда қатнашган мужоҳидларга тақсимланади. Аммо бу сафар ўлжа урушсиз қўлга тушгани учун ушбу ва кейинги оятда зикри келган: Аллоҳ, Аллоҳнинг Расули, Пайғамбар алайҳиссаломнинг яқин қариндошлари, сафарда оғир аҳволга тушганлар, етим, мискин ва фақир муҳожирларга тақсимланмоқда.)
(Мадиналик мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун «Ансорлар» деб номланганлар. Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.)