(Бу ояти карима тушган пайтда яҳудийлардан ҳам, масиҳийлардан ҳам иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлган кишилар бор эди. Оятда ана шунга ишора қилинмоқда.)
(Демак, одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто охирзамон Пайғамбари алайҳиссалоту вассаломнинг ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар у зот алайҳиссалоту вассалом бирор кишини ҳидоят қилиш имконига эга бўлганларида, амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг имкони бўлмади. Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай дунёдан ўтди. Бунга Расули Акрам алайҳиссалоту вассалом қаттиқ афсус чекдилар. Аллоҳ таоло эса, бу ҳақда Пайғамбарига ушбу оятдаги баёнотни берди.)
(Аллоҳ таолонинг одати шуки, инсонларга жон, ақл-идрок бериб қўйса ҳам, яна пайғамбар орқли огоҳлантирмасдан туриб уларни ҳалок қилмайди. Пайғамбарни қачон ва қаерга юборишни Ўзи билади. Мана, Макка аҳлига ҳам пайғамбар келмаган эди. Энди Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни юборди. У кишини фақат Макка аҳлига эмас, балки барча макон ва замонларга огоҳлантиргувчи пайғамбар қилиб юборди.)