(Яъни, уларга эътибор қилмайдилар. Улардан ибратланиб, ваъз-насиҳат олиб, иймонга келмайдилар. Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, қудратига, тадбирига, билувчилигига ва бошқа камоли сифатларига далолат қилувчи оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.)
(Яъни, иймон келтирсалар ҳам, Унга ширк келтирган ҳолларида иймон келтирадилар. Холис тавҳид ила иймон келтирмайдилар. Чунки холис тавҳид масаласи нозик масала, ширкнинг турлари эса, жуда ҳам кўп.)
(Яъни, биз йўлимизнинг тўғри эканини аниқ билиб, ишониб туриб чақирамиз. Бизга Аллоҳ таоло ҳидоят ва нур бергандир. Биз бу йўлдан ишонч ва билим ила юрамиз, унга бошқаларни ҳам чақирамиз.)
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга тасалли бериб, кофир ва мушрикларнинг у кишини инкор этишларига эътибор қилмасликка, аввалги пайғамбарлар ҳам у зотга ўхшаган инсонлар бўлганига ишора этмоқда.)
(Ҳа, Аллоҳнинг нусрати охирги лаҳзада, ҳеч умид қолмаганда келади. Гулга етиш учун тикан заҳрини тотиб кўриш керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом: «Жаннат тиканлар билан ўралгандир», дейдилар.)
(Ҳа, ўтган умматларнинг, жумладан Юсуф алайҳиссалом ва замондошларининг қиссаларида ҳам ақл ишлатган ҳар бир киши учун ибрат бор.)