(Бандага Аллоҳнинг қозои қадарисиз, илмисиз ҳеч бир мусибат етмайди, деган эътиқод доимо инсон хотирасида туриши керак. Пайғамбаримиз ҳадисларидан бирида: «... Ва билгинки, сенга етган мусибат адашиб бошқага ўтиши мумкин эмас, агар бошқага бўлса, сенга етмасди...», деганлар.)
(Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятда айтилишича: бир гуруҳ кишилар Маккада иймонга келиб, Мадинага ҳижрат қилишмоқчи бўлганларида, хотин ва бола-чақалари, бизни ташлаб қаёққа борасан, деб тўсиқ бўлишган экан. Вақти келиб Мадинага боришса, улардан аввал ҳижрат қилганлар динда илғор бўлиб кетишибди. Шунда уларни ҳижратдан тўсган оила аъзоларига иқоб қилишмоқчи бўлганларида Аллоҳ таоло: «Ва агар афв этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдил Зотдир», деган оятини тушириб, уларни бу ишдан қайтарган экан.)
(Мол-мулк киши учун синовдир. Қўлига мол-дунё келганда ҳам ҳовлиқмасдан, тўғри йўлда сарфласа, ибодатини вақтида қилса, улкан савобларга эга бўлади. Аммо дунёга берилиб йўлдан озса, ҳаром-хариш ишларни қилса, мол топиш учун гуноҳ йўлларга ҳам кираверса, унда синовдан ўта олмаган бўлади ва гуноҳига яраша жазосини олади. Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳнинг улкан неъмати. Уларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб беради. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қилади. Демак, Аллоҳнинг муҳаббатини, мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан устун қўймоқ зарур. Чунки Унинг ҳузурида улуғ ажр бор.)