(Араб тилшунос олимлари бу ояти каримани Қуръони Каримнинг юксак даражадаги балоғат ва фасоҳатига мисол сифатида келтирадилар. Аллоҳ таоло биргина оятда иккита буйруқ — «эмизавер» ва «дарёга ташла», иккита қайтариш — «қўрқма», «хафа бўлма», иккита башорат — «уни сенга қайтарамиз» ва «пайғамбарлардан қилгувчимиз» жуфтликларини ишлатгандир. Оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.)
(Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли тадбири ила Мусо алайҳиссаломни оналарига қайтариб берди. Оятда таъкидланишича, бундан қуйидаги учта мақсад кўзланган эди: Мусо алайҳиссалом ила оналарининг кўзлари қувониши. Онанинг ўғли Мусо алайҳиссалом фироқи ила хафа бўлмаслиги. Мусо алайҳиссаломнинг оналари Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билишлари. Чунки аввал Аллоҳ таоло у аёлга, Биз уни сенга қайтаргувчимиз, деб ваъда берган эди. Ана ўша ваъдасини ҳақ ила амалга оширди. Ҳа, Аллоҳ таоло нимани ваъда қилса, уни албатта бажаради. Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом оилаларидан айрилмаган ҳолда Фиръавннинг қасрида тарбия топа бошладилар.)