(Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳни, Унинг динини деб ўз ватанлари, қавм-қариндошларини тарк этиб, ҳижрат қилган эдилар. Аллоҳ таоло у зотни ёлғиз қўймади. Қариб қолган бўлсалар ҳам, Исҳоқ ва Яъқубни берди. Иброҳим алайҳиссалом насабини бардавом айлади. Энг муҳими, уларнинг ҳаммасини пайғамбар қилди.)
(Эй Муҳаммад, илоҳий Китоб — Қуръонда Мусо алайҳиссалом қиссасини эсла. У Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган банда: ҳам Набий ва ҳам Расул эди. Биз Аллоҳ томонидан бандаларга етказиш учун кўрсатмалар олган шахсни пайғамбар деб одатланиб қолганмиз. Аслида эса, пайғамбарлик моҳият жиҳатидан икки турлидир. Бир турларига «Набий», бошқаларига «Расул» дейилади. Набийлар Аллоҳдан ваҳий келган, бироқ китоб берилмаган, шунингдек, даъватлари кенг оммага эмас, ўзлари учунгина кифоя қилган зотлардир. Расул Аллоҳ томонидан ваҳий берилган, даъватлари кенг оммага мўлжалланган зот ҳисобланадилар. Мусо алайҳиссалом ушбу икки сифатни ўзларида мужассам қилган пайғамбарлардан биридир.)