(Бу қилмишлари учун Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган бўларди. Аллоҳ уларни ҳалок қилишни истамагани учун Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломни Маккадан чиқаришларига йўл қўймади. Балки Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг ўзларига чиқиб кетишни амр қилди.)
(Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр қуръони», Бомдоддир.)
(Дарҳақиқат, Қуръони Карим шифодир, Қуръони Карим раҳматдир. Қуръони Карим куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақидавий хасталикларни даволайди.)
(Яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан баробар, агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади, дейишган. Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом ҳақиқий пайғамбар бўлганлари учун ҳам, руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар.)