(Аллоҳ таоло раҳмат соҳиби бўлган Зот. Одамларнинг бу дунёда юришларининг ўзи ҳам Аллоҳнинг раҳматидан. У Ўз раҳматини Ўзи хоҳлаган бандаларига беради. Ҳозирги пайтда яшаб турган одамларни аввал ўтган кишилар зурриётидан пайдо қилганлиги ҳам ҳаммага маълум. Яъни, Аллоҳ Ўзи хоҳлаб шундай қилган. Бандаларга ҳожатмандлигидан эмас. Шунингдек, ҳозирги авлод одамларига ҳам ҳеч қандай ҳожати йўқдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу авлодни ҳам кўтариб, йўқ қилиб, ўрнига Ўзи хоҳлаган нарсани келтира олади. Демак, Аллоҳ бандаларга эмас, бандалар Аллоҳга ҳожатманддирлар. Улар ўзларининг дунёга келишларида Аллоҳга ҳожатманд бўлганлари каби, бу дунёда яшашларида ҳам, ҳар лаҳзада, ҳар нарсада ҳожатманддирлар. Аллоҳ эса, Ўз раҳмати ила уларнинг ҳожатларини раво қилади. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳматининг энг юқори чўққиси, уларга пайғамбарлари орқали дин — шариат юбориши. Динга юрмаганлар ўша олий мақом неъматдан юз ўгирганлар бўладилар. Ўзларига ёмонлик қиладилар. Қиёматда ҳоллари ёмон бўлади.)
(Яъни, албатта, сизга ваъда қилинган қиёмат куни, ҳисоб-китоб, жазо ва мукофот келгусидир. Келмаслиги мумкин эмас. У пайтда сиз Аллоҳни ожиз қолдириб, қочиб қутула олмайсиз. Албатта, қилганингизга яраша жазоингизни оласиз.)
(Араб мушриклари экинлардан, чорва ҳайвонларидан Аллоҳга насиба ажратиш одатлари бор эди. Шу билан бирга, бутларига ҳам ўша экинлардан ва чорва ҳайвонларидан насиба ажратар эдилар. Агар Аллоҳга ажратган нарсалари бутларига ажратган нарсаларига қўшилиб кетса, майли, деб қўяр эдилар. Аммо бутларига ажратган насибадан Аллоҳга ажратилганига қўшилиб кетса, Аллоҳ бунга муҳтож эмас, деб қайтариб олишарди. Бу иш аслида мантиқсиз, қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, аҳмоқона иш эди.)