(Бу дунёда иймону ислом билан ўтган кишиларнинг агар зурриётлари ҳам иймон билан ўтган бўлса, даражалари унча юқори бўлмаса ҳам, Аллоҳ уларни оталарига қўшиб қўяр экан. Лекин, шу билан бирга оталарнинг амалидан ҳеч бир нарса камайтирилмас экан. Яъни, болаларига олиб берилиб, уларнинг даражаси тенглатилмас экан. Чунки ҳар ким ўзи қилган касб-амалнинг гаровидир, амали яхши бўлса, оқибати ҳам яхши бўлади. Аллоҳ кўрсатмасин, амали ёмон бўлса, оқибати ҳам...)
(Оятдаги «коҳин» сўзини биз фолбин деб таржима қилдик. Аслида, Арабистон ярим оролида коҳин алоҳида тушунчадир. У жинлар билан алоқаси борлигини ва ғойибдан хабар беришни даъво қилувчи шахсдир. Шунингдек, коҳинлар руҳлар, худолар билан ҳам алоқамиз бор дейишади ва баъзан табиблик даъвосини ҳам қилишади.)
(Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончига чиқарганлар. Хўш, нимага асосланиб бундай қилишган? Ёки уларнинг осмонга қўйган нарвонлари бор-у унга чиқиб, Муҳаммад пайғамбар эмас, унга ваҳий юборилаётгани йўқ, деган хабарни эшитишдими? Агар ҳақиқатда эшитган бўлсалар, очиқ-ойдин далил кўрсатсинлар.)
(Демак, ҳар доим Аллоҳга боғлиқ бўлмоқ зарур. Имом Молик Зуҳрийдан қилган ривоятларида Ибн Матъамнинг отаси айтадики, «Пайғамбар алайҳиссаломни шом намозида «Ват-Тур» сурасини ўқиётганларини эшитдим. У кишидан кўра овози ширинроқ ва қироати яхшироқ одамни кўрмаганман».)