(Қўрқоқликнинг оқибати шу-да. Демак, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг Робби, Бани Исроилнинг Робби эмас экан-да. Қўрқоқ бўлгандан кейин ҳол шу. Ҳамма нарсадан, ҳатто ақидадан ҳам воз кечиб юбораверилади.)
(Бани Исроилнинг бу қилмиши учун, яъни Аллоҳнинг амрига итоат этмагани — Муқаддас ерга кирмагани учун, Аллоҳ уларга бу муқаддас ерга киришни қирқ йилгача ҳаром қилиб қўйди. Тафсирчиларимизнинг айтишларича, яҳудийлар бу муддатда Сийно ярим оролидаги саҳрода фарсаҳлик жойдан ташқарига чиқа олмай, адашиб, ҳайрон бўлиб, бир борган жойга қайта-қайта бориб юравердилар. Ана шундай ҳайронлик ва сарсон-саргардонликда қирқ йил юрдилар. Бу даврда мазкур гуноҳни содир этган, нобакор авлод ўлиб битди. Саҳрода ўсган янги авлод пайдо бўлди. Яъни, Аллоҳ тайин қилган муддат тугагунча аввалгилар муқаддас ерга кира олмай ўлиб кетдилар.)
(Ояти кариманинг сиёқидан кўриниб турибдики, қотил биродарини ўлдириб қўйгандан кейин нима қиларини билмай қолган. Ўликни кўмиш кераклиги хаёлига келмаган. Чунки аввал ўлик бўлмаган. Бу Ер юзидаги биринчи ўлик эди. Ривоятларда келишича, шу пайтда Аллоҳ унга ўликни кўмишни ўргатиш учун икки қарғани юборган. Улар қотилнинг олдида урушиб, бири иккинчисини ўлдирган. Сўнгра қотил қарға ўлган қарғани ерни кавлаб кўмган.)