(«Осмонлардаги кимсалар» фаришталар ва яна уларга ўхшаган-ўхшамаган ёки умуман бошқа махлуқлар бўлиши мумкин. «Ердаги кимсалар» деганда эса, инсонлар ва жинлар тушунилади. Уларнинг ҳаммаси, хоҳласалар ҳам, хоҳламасалар ҳам, Аллоҳ таолога сажда қиладилар, Унга таслимдирлар, У жорий этган қонунларга бўйинсуниб яшайдилар. Нафақат уларнинг жасадлари, балки соялари ҳам Аллоҳнинг амрига эртаю кеч бўйинсунадилар — сажда қиладилар. Бирорта соя ўз эгасининг хоҳишига биноан тушмайди, унинг хоҳлаганича ҳам бўлмайди.)
(Аллоҳ таоло осмондан сув тушириб, ёмғир ёғдирса, сел оқади. Шу билан бирга, сел ўзининг устида кўпикни ҳам оқизиб келади. Бунда сув ҳаққа, кўпик ботилга ўхшатилмоқда. Зеб-зийнат ясаладиган олтин ва кумуш, асбоб-ускуна ясаладиган темир ва мис каби маъданлар устида ҳам занг ва кераксиз моддалар бўлади. Бу масалда ҳаққа асл маъданлар, ботилга занг ва кўпик қиёс қилинмоқда. Кўпик, гарчанд сувнинг устига чиқиб турган бўлса ҳам, барибир у кўпикдир. Маъданлардаги занг ва бошқа моддалар уларни ўраб турган бўлсалар ҳам, тобланиш вақти келганда, бирпасда йўқ бўлиб кетадилар. Ботил ҳам шундай: ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетади.)