(Гапнинг хулосаси шу. Бировга зарар ёки фойда етказиш фақат Аллоҳнинг иши. Агар Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ўзларига на зарар, на фойда етказа олмасалар, демак, ўзгаларга ҳам етказа олмасликлари турган гап. Лекин улар ҳадеб у зотдан ваъда қилинган азоб қачон келишини сўрайверадилар. Ажал келган соатнинг айни ўзида ҳалок бўладилар. Бунга ўтган умматлар, хусусан, Қуръони Каримда зикри келган умматлар ёрқин мисолдир. Баъзи уламоларимиз, умматларнинг ҳалокати фақат жисмоний бўлиши шарт эмас, маънавий ҳалокат ҳам шунга киради, дейдилар.)
(Азобнинг тушиши муқаррар. Қачон бўлса ҳам, барибир тушади. Ана ўша вақтда мушрик ва кофирларга юқоридаги сўзлар айтилади.)
(Улар бу дунёда қилган зулмлари — Аллоҳга иймон келтирмаганлари учун қилмишларига яраша жазо оладилар, дўзахда мангу қоладилар.)