И з о ҳ. Кўпчилик уламоларнинг айтишларича бу кеча Рамазон ойидаги Қадр кечаси бўлиб, Қуръони Карим ўша кечада нозил бўла бошлагандир. Унинг «муборак-баракотли кеча дейилишига сабаб эса, жаҳолат зулматларида қолиб, ўз йўлини йўқотиб қўйган инсоният олами ўша кечада осмон билан боғланиб, ундан ўзи учун то Қиёмат дастурул-амал бўладиган илоҳий йул-йўриқлар ола бошлаганидир. Бу кечанинг яна бошқа хислатлари ҳам борки, у ҳақда қуйидаги оятларда баён қилинади.
И з о ҳ. Имом Бухорий ривоят қилишларича, қурайшликлар ўз куфру исёнларидан қайтишмаган, у зот Аллоҳ таолодан Юсуф пайғамбар замонларида бўлиб ўтган қаҳатчилик каби бало юборишни сўраган эканлар. Шунда бир неча йил давомида шундай қурғоқчилик ва қаҳатчилик бўлибдики, одамлар қўлларига тушган нарсани ея бошлабдилар ва қуриб-қақшаб кетган ердан кўтарилган чанг-тўзон уларнинг кўзларига тутундек кўрина бошлабди. Ана энди улар Аллоҳ таолога ёлвориб дуо-илтижо қилишга тутинадилар.
И з о ҳ. Маълумки, Фиръавн ва унинг қавми бўлган Қибтийлар Бани Исроил қавмини мустамлака қилиб, уларга кўп зулму зўравонликлар қилар эдилар. Мусо пайғамбар Аллоҳ таолонинг амри билан Фиръавн олдига бориб, ундан Бани Исроил қавмини озод қилиб юборишни талаб қилади. Мазкур ва қуйидаги оятларда шу ҳақда хабар берилади.