И з о ҳ. Ривоят қилишларича, бир гуруҳ насронийлар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Ийсони: «у ҳам бир инсон, Аллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?», дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.