(Мусулмон инсон Аллоҳнинг йўлида молини ҳам, жонини ҳам қурбон қилишга доим тайёр турмоғи зарурдир. Ана шундагина ўзларига яхши қилган бўладилар. Мухлис мусулмонлар бу олий маънони тўлиқ тушунган пайтларида «енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам», қўзғолганлар. Аллоҳнинг йўлида молларини ва жонларини фидо қилганлар, ваъда қилинган яхшиликка эришганлар. Бутун дунёга етакчи халқ бўлганлар.)
(Мунофиқлар шахсий манфаатларини кўзлаб, мусулмонлар орасига суқилиб олган кимсалар эди. Ўзларини сиртдан мухлис мусулмон қилиб кўрсатишарди. Лекин Табук ғазотига умумий сафарбарлик эълон қилиниши билан уларнинг сирлари фош бўлиб қолди.)
(Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом мунофиқлардан баъзиларига урушга бормасликка изн бериб қўйган эдилар. Аслида, шошилиб рухсат бергандан кўра, кутиб турганларида яхши бўлар эди. Чунки изн олганларнинг кимлиги билинмай қолди. Изн бўлмаганда ҳам сафарбарликдан қолар эдилар. Шунда уларнинг мунофиқлиги ҳаммага ошкор бўларди.)
(Ўша иймонсиз мунофиқларда, аслида, жиҳодга чиқиш нияти бўлса, аввалдан тайёргарлик кўриб қўйган бўлар эдилар. Сафарбарлик эълон этилгандан сўнг турли баҳоналар қилиб, жиҳоддан қолишга изн сўраб келишлари, уларнинг жиҳодга чиқиш ниятлари йўқлигидандир.)