(Яратувчининг Ўзи, заиф яратилган, деб тургандан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда Аллоҳ таоло оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У енгилликни хоҳлайди.)
(Оятдаги «ўшани» бир-бирининг молини ботил йўл ила еб, ўзини-ўзи ҳалокатга дучор қилишга ишорадир. Демак, ким мазкур ишни тажовузкорлик (яъни, ҳаромлигини билиб туриб) ва зулм ила (яъни, қилишдан тап тортмай) қилса, охиратда дўзахга киритилади. Яъни, ботил йўл билан мол еганларни дўзахга киритиш Аллоҳ учун осондир, ҳеч ким қочиб, ҳийла қилиб қутула олмайди.)
(Бу ояти кариманинг маъноси, катта гуноҳлардан четда бўлсангиз, кичик гуноҳларингизни кечириб, охиратда сизни жаннатга киритамиз, деганидир.)
(Ояти каримада афзаллик ва фазл аниқ нимадан иборат эканлиги очиқ айтилмай, умумий ҳолда қолдирилган. Бу қуръоний усулга кўра, ҳар ким ўз фикри, идрокига яраша тушуниб олаверади. Фазл сиҳат-саломатликда, мансабда, молу пулда, хотиржамликда, ҳилмда, обрў-эътиборда бўлиши мумкин. Демак, Аллоҳ баъзи шахсларни бошқалардан афзал қилиб қўйса, унга ҳасад қилмаслик керак, балки фазлни Яратувчининг Ўзидан сўраш лозим.)
(Яъни, ҳар бир одамнинг қариндошлари меросхўри бўлади. У ота-онаси ва қариндошларидан мерос олганидек, ундан ҳам болалари ва қариндошлари мерос олади. Шундай қилиб, мол авлоддан авлодга ўтиб туради. Ояти каримадаги: «Қасамингиз ила боғланганларга насибасини беринг», деган жумлада меросга тааллуқли, қариндош бўлмаган шахсларга ишора қилинмоқда. Исломнинг дастлабки босқичида шундай шахслар бўлган.)